Рет қаралды 71,623
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Теҳрон шаҳрига келди.
“Меҳробод” халқаро аэропортида Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи муносабати билан икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Олий мартабали меҳмонни Эрон саноат, кончилик ва савдо вазири Аббос Алиободий ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Теҳрондаги “Саадобод” мажмуасининг “Жумҳури” саройида Эрон Ислом Республикасига расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарини Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий кутиб олди.
Сарой олдидаги майдонда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Эроннинг давлат байроқлари кўтарилди.
Ҳарбий оркестр икки мамлакат мадҳияларини ижро этди.
Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Биргаликда суратга тушиш маросимидан сўнг етакчиларнинг тор доирадаги учрашуви бошланди.