Рет қаралды 19,995
Бахмал манзаралаТошкентдан Новқа қишлоғигача масофа 270 километрни ташкил этади. Бу ерга келиш учун энг арзон транспорт автобусдир. Олмазор метро бекати тепасидаги Тошкент вокзалидан ҳар куни соат 14:00 да Бахмал тумани маркази Ўсмат шаҳрига автобус қатнайди. Нархи 34000 сўм. Кенг, қулай ўриндиқли, кондиционерли автобус сизни 4,5 соатда Ўсматга элтади. Ўсматдан Новқа қишлоғигача 5 км. Таксилар 4 минг сўмга ташлаб қўяди. Тошкентдан такси билан (60-70000 сўм), шунингдек Самарқанд ва Бухоро автобуслари орқали (30000 сўм) Ўсмат бурилишида тушиб, уёғига яна таксида (10000 сўм) Ўсматга етиб олиш мумкин.
Новқа қишлоғининг энг диққатга сазовор маскани Новқа ота зиёратгоҳидир. Зиёратгоҳнинг умумий майдони 1,5 гектар бўлиб, ҳудудда 19 асрга оид масжид, 18 асрга оид мақбара, 1000 лаб дарахтлар, 6 та булоқ бор. Асосий Бешпанжа булоғининг кўзлари ёнма-ён жойлашган. Худди 5 та панжадан чиқаётгандек булоқ суви қайнаб тошлар орасидан сизиб чиқади. Бешпанжанинг сўл тарафида алоҳида Етимбулоқ ҳам мавжуд. Мана шу булоқлар қишлоқда яшовчи 8200 нафар аҳолини ичимлик суви билан таъминлайди. Шунингдек, чорва ҳамда экин-тикин ҳам шу сувдан суғорилади. Булоқ суви табиий ҳовуз ва сойлардан ўтиб, қишлоқ аҳли ташкил этган қувурлар орқали аҳолига тарқатилади. Айтишларича, булоқнинг суви қишин-ёзин 18 даражани ташкил этади. Булоқ сувлари шифобахшлиги, тўйимлилиги билан машҳур.
Қишлоқ аҳолиси асосан деҳқончилик (сув бормаган ҳудудларда лалми деҳқончилик) ва боғдорчилик билан шуғулланади. Шунингдек, узумчилик, майизчилик, қуруқ мева етиштириш, сабзавотчилик, ҳунармандлик ҳам ривожланган. Тошкент ва хорижда ишлаётган ёшлар ҳам кўп. Қишлоқдаги эгарчи ҳунармандлар тайёрлайдиган “қизил эгар” улоқчи чавандозлар ва отбозлар орасида жуда машҳур. Қишлоқ усталари ясаган эгарларни нафақат юртимиз чавандозлари, қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон отбозлари ҳам ардоқлашади.
Бешпанжада майда (30-35 сантиметр) хонбалиқлар яшайди. Балиқлар аҳоли томонидан овланмаса-да, унчалик кўп эмас. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бир неча йил олдин сел келиши ва балиқларнинг заҳарланиши туфайли булоқ ҳовузларида хонбалиқлар қирилиб, жуда оз қолган.
Зиёратгоҳ ҳудудида тахминан 500 йиллик азим чинор бўлиб, бир томирдан 6 та чинор ўсиб чиққан. Бу ер айниқса, май ойида жуда гавжум бўлади. Бу ерга нафақат атрофдаги туманлардан, балки бошқа вилоятлардан ҳам зиёратчилар келаркан. Шанба-якшанба кунлари одам кўпайганидан бу сокинликни ҳис этиш бироз мушкул. Шундай бўлса-да, табиатнинг бу гўзал мўжизаси оиламда катта таассурот қолдирди.
Кеча ҳузурни топа олмагач, эртаси куни бомдодни шу ердаги масжидда ўқиб, сўнг ҳеч ким йўқлигида табиатдан баҳра олишга қарор қилдим. Тоғ ёнбағрида, дарахтлар жуда ҳам кўп масканда жойлашган қишлоқда тонг отиши жудаям гўзал бўларкан. Қушлар, айниқса, булбулларнинг сайрашини эшитиб жуда маза қилади, одам. Тоза ҳаво (эрталаб ва кечқурун бироз совуқроқ), қушларнинг сайраши, товуқларнинг қичқириши, майин шабада, қимирлаб салом бераётган дарахтлар… Зиёратгоҳ булоғи атрофида ҳам ҳеч ким йўқ, мароқ билан томоша қиласиз, тафаккур этасиз. Атроф кўм-кўк, ҳаво мўл, чуқур-чуқур нафас оласиз, томир-томирингизга тоза кислород етиб боради.
Зиёратгоҳнинг қалин дарахтзори бўйлаб юқорига юрсангиз, тоққа чиқасиз. Саҳарда қуёш чиқишини кузатишнинг завқи ўзгача. Қуёш тоғлар ортидан кўтарилгани сабаб, уни бироз кутиб қолдик. Атроф уфқ, яшил ўтлоқзорлар, зангори осмон ранглари билан бирлашиб, ажиб манзара ҳосил қилади. Тоғлар ортидан қуёш аста мўралайди. Икки-уч дақиқада эса соянгиз кўрина бошлайди.
Мутахассисларнинг айтишича, ёз пайтида қуёш чиқишини кузатиш организмга фойдали экан. Қуёшдан дастлаб таралган нур нафас йўлларига, кўзга, терига фойдали бўлиб, бу инсондаги руҳий сиқилишларни енгишга ҳам ёрдам бераркан. Фақат эҳтиёт бўлиш керак. Қуёш кўтарилиши билан тараладиган дастлабки нурларгина фойдали (бу тахминан 10 дақиқача бўлади), қуёш чиқиб бўлгандан кейин унга қараш кўзга зарар келтиради. Ҳар эҳтимолга қарши қуёш кўзойнаги тақиб олишингиз ҳам мумкин. Шунда ҳам мутахассислар фақатгина қуёш чиқаётган тарафга эмас, атрофдаги объектлар, яшилликка ҳам термилиб завқ олиш фойдали бўлишини таъкидлашади.
Имом Нававийнинг "Ал-Азкор" китобида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолда ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
У зот қуёш чиқишини кузатишга бир кишини тайинлар эдилар. Ана шу киши қуёш чиққанининг хабарини берса: «Алҳамду лиллаҳиллазий ваҳаба ланаа ҳазал йавма ва ақолана фийҳи мин асаротина», деб айтардилар. (Маъноси: Бизга бу кунни берган ва хатоларимизни афв этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.) Ибн Сунний ривояти.
Қишлоқда тунда юлдузлар ҳам жуда аниқ кўринади. Мутахассислар тунда юлдуз ва ойни кузатиш ҳам кўзга фойдали эканини таъкидлашади. Ой тўлин бўлган шу тунларда осмонни кузатиш айни муддао.
Тўлиқ тафсилот: • Baxmal manzaralari: No...