Рет қаралды 263,171
МИРЗИЁЕВГА МУРОЖААТ | MIRZIYOEVGA MUROJAAT (Mahmud Abdulmomin)
«Шавкат Миромонивич, Оллоҳ адолатли раҳбарни шундай сифатлади: у ҳар бир тойилган кишини тўғрилайди, ҳар бир золимни тийиб қўяди. У ҳар бир фасодни ўнглайдиган, ҳар бир мазлумнинг ҳаққини ундирадиган, ҳар бир йўқсилга бошпана берадиган кишидир. Охирги кунларда сизни бир қанча вазифасини суистеъмол қилган етакчиларни ишдан қувганингизни ҳатто баъзиларини жазолаш билан таҳдид қилганингизни кўрдим. Лекин сиз тавсифлаган ўша “ғўдайган итлар”ни қилмишлари айтилди-ю лекин уларни қилмишларидан жабрланган минглаган мазлумлар ҳали ҳануз улар тиққан зулмгоҳларда эзилаяпти. Сиз ишора қилган “у замонлар ўтди” деб урғулаган гаплардан юракларга ором бераяпти-ю, лекин у замонларни зулмлари ЎТИБ кетмай давом этаяпти. Сиз айтган “ғўдайган итлар”ни уюштирган 16-февраль фожиалари ортида айбланиб зиндонларга ташланганлар ҳали ҳануз қайси айблари учун қамалганларини билмай бошлари гаранг ...
Шавкат Миромонивич, Адолатли раҳбар: фарзандига жонкуяр отага ўхшайди. Гўдаклигида парваришлайди, улғайганида таълим беради, тириклигида уларга ғамхўр, вафотидан кейин ҳам йиққанини улар учун мерос қолдирадиган бўлади.
Шавкат Миромонивич, Адолатли раҳбар: танадаги қалбга ўхшайди. Ҳолбуки қалб соғлом бўлса барча аъзолар соғлом, у бузулса барчаси бузилади.
Шавкат Миромонивич, Адолатли раҳбар: Оллоҳ билан бандалари ўртасида туради. Оллоҳнинг ҳукмларига амал қилади-да, улардан ҳам талаб қилади. Оллоҳдан қўрқади-да, уларга ўрнак бўлади, Оллоҳга итоат этиб, улардан итоатни талаб қилади. Домла акаларимиз “оғиз кўпиртириб” талаб қилаётган бошлиққа итоатни ҳақиқий маъноси манашу. Агар сиз Оллоҳга итоат қилиб У Зотни ҳукмларини давлат миқёсида татбиқ этар экансиз, бизга бир қарич итоатдан чиқиш ҳаром бўлади.
Мана, Оллоҳ жиноят ва бузуқ ишлардан қайтариш учун ҳад (жазо)ларни белгилаб қўйди. Энди жавобгар одам ўша ишларни қилса қандай бўлади?! Оллоҳ ўз бандаларини ҳаётини асраш учун қасосни нозил қилган. Энди уларга қасосини олиб берадиган кишининг ўзи уларни қатл қилса нима қиламиз?! “У замон тугади”-деб ўзингиз таъкидлагандек, ўз халқини ортидан жосуслик қиладиганларни, уларга суиқасд уюштирадиганларни пайини қирқиш вақти келди. Уларни погонидаги юлдузларга қурбон бўлиб ҳозиргача эътиқоди учун тутқинликда ҳаёт кечираётганлар ҳамда ўзи ташқарида бўлса ҳам доимий текширув ва зулмлар ортида қамоқдагидан кўра аянчи аҳволда юрган диндорлардан зулмни кўтариш вақти келди.
Шавкат Миромонивич, ўлимни ва ўлимдан кейинги ҳолатни эсланг! У пайтда тарафдорларингиз, ёрдамчиларингиз ҳамда маддоҳларингиз мақташ ўрнига сизга қарши даъво қиладиган кунни тасаффур қилинг ва анашу кунни тадоригини кўринг. Гапларингизга ўйламай қарсак чаладиганлар, жилмайиб қўйсангиз етти букиладиганларни мулозамати сизни мағрурлантирмасин! Бу соҳта ғурур, сиздан аввалгиларни гўрига боргунча кўзини пардалади. Ўша маддоҳлар бугун сизга ялтоқланиб, эски ҳожаларини лаънатлаяпти. Бу кун эртами кечми сизни ҳам бошингизга келади, лекин ўша кунда бошингизни тик ёки ҳам бўлиши сизни амалингизга боғлиқ.
Шуни эсдан чиқарманг Шавкат Миромонивич! Сизнинг бугунги турган ўрнингиздан ўзга яна бир манзилингиз бор. У ерда узоқ туришга тўғри келади. Дўстларингиз сиздан ажралади ва сизни у жойда ёлғиз қолдиришади. Бас, ўша жойда сизга ҳамроҳ бўладиган нарсаларга ҳозирлик кўринг. У кунда инсон ўз ака укасидан, эр хотинидан, она фарзандларидан қочади.
Сиз, Шавкат Миромонивич, золимлар йўлидан юрманг. Халқни бошига Худодан хабари йўқ мутакаббирларни бошлиқ қилманг. Улар бирор мўминни на ҳаққидан ва на даъвосидан қўрқади. Шундай бўлгач, ўзингизнинг гуноҳларингизга қўшиб, бошқа гуноҳларни ҳам устингизга юклаб Роббингизга қайтасиз. Охират шармандалигини дунё фаровонлигига алмаштираётганлар сизни йўлдан урмасин. Бугунги қудратингиз-у шавкатингизга қараманг, балки эртага ўлим арқонида асир бўлиб, Оллоҳ ҳузурида, фаришталар, пайғамбарлар олдида, абадий Зотга эгилган ҳолда турганингиздаги “қудратингиз”га назар ташланг.
Бу насиҳатлардан кейин тенбеҳ берувчи танқидчиларимиз ҳам бир талай чиқади, “сендан бошқа насиҳатгўй йўқмиди?”-деб. Мендан бошқа Ўзбекистонда динини йиллаб ўрганган уламоларимиз кўп. Лекин асли иши ҳокимларини Оллоҳни динидан чиқмасликка чақириш бўлган зотлар, ўз вазифаларини суистеъмол қилиб, қайтанга одамларни ҳокимларни измидан чиқмасликка чақираётганлари учун улардан буни кутмадим. Шояд шундан кейин илм омонатини гардани ортган аҳли илмларимиз ўз шарафли мавқеъларига қайтишса.
Мен эслатмаларим билан аввалги донишманд зотлар етказганидек етказолмаган бўлсам-да, бироқ ҳолислик ва инсоф чегарасидан чиқмадим деб гумон қиламан. Бу мурожатимни соғайтириш илинжида аччиқ ва бадбўй дориларини ичираётган табиб ўрнида кўринг.
Ҳидоятга эрчиганларга Оллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин».
Бу сўзларга гувоҳ бўлаётган инсонларга ҳам илтимосимиз бор, мумкин бўлишича кўпроқ бўлишинглар-ки то насиҳат “ўз эгасини” қулоғигача етиб борсин. Албатта эзгу ишга сабаб бўлувчилар ҳам уни ажридан баҳраманд бўлади.
© Маҳмуд Абдулмўмин