Рет қаралды 18,268
Президент айрим тоифадаги машиналар учун божхона тўловларини кескин камайтириш бўйича узоқ кутилган қарорни имзолади.
Шавкат Мирзиёев “Аҳолининг енгил автотранспорт воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорга кўра, ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган, двигатель ҳажми 1 200 см кубдан юқори бўлмаган янги енгил автотранспорт воситалари учун (ТН ТИФ коди 8703 21 10, 8703 22 10 ва 8703 31 10) 2026 йил 1 январга қадар қуйидаги божхона божи ставкалари белгиланмоқда:
1 000 см кубгача - 0 фоиз (амалда - 15 фоиз + 0,4 АҚШ долл/куб см);
1 000-1 200 см куб - 5 фоиз (амалда - 15 фоиз + 0,6 АҚШ долл/куб см).
Натижада двигатель ҳажми 1 000 см кубгача бўлган автомобиллар учун божхона тўловларининг жами миқдори амалдаги 39-43 фоиздан 19-23 фоизгача, двигатель ҳажми 1 000-1 200 см куб бўлган автомобиллар учун эса 44-52 фоиздан 30-36 фоизгача камаяди.
Янги қарор нархга қандай таъсир қилади?
Президент қарори асосида двигатель ҳажми 1200 см кубгача бўлган автомобиллар учун божхона ставкалари кескин камайтирилгани, 1000 см кубгача бўлганларига эса 0 фоизга туширилгани нархларга қандай таъсир қилади? Бу аниқ мисоллар билан кўриб чиқилди.
1 000 см куб ҳажмли автомобиль учун
Ушбу тоифага кирувчи бозор нархи 10 минг АҚШ доллари бўлган автомобиль мисол сифатида олинган. Бунда қуйидаги мажбурий тўловлар мавжуд:
Божхона божи
Аввал: 1 900 АҚШ доллари (15 фоиз + 0,4 АҚШ долл/куб см).
Ҳозир: 0 АҚШ доллари (0 фоизга туширилди).
Фарқ: 1 900 АҚШ доллар
ҚҚС (12%)
Аввал: 1 428 доллар (божхона божи қўшилгач ҳисобланган)
Ҳозир: 1 200 доллар
Фарқ: 228 доллар
Утилизация йиғими (базавий ставканинг 30 баравари) тахминан 846 доллар (9 млн 900 минг сўм)
Божхона йиғими (0,2%) тахминан 20 доллар
ЯКУНИЙ НАРХ:
Аввал: 14 минг 194 доллар
Ҳозир: 12 минг 066 доллар
Фарқ: 2 минг 128 доллар
Двигатель ҳажми 1 000 см кубгача, нархи 10 минг АҚШ доллари бўлган автомобиль учун тўланадиган мажбурий тўловлар тахминан 2 минг 128 АҚШ долларига арзонлайди (ушбу ҳисоб-китобларда логистика нархи ҳисобга олинмаган).