Рет қаралды 1,508
* * *
Иккимиз айланиб бир томон бўлсак,
Сен дилгир дилдору мен ёмон бўлсам,
Боши тугун замон бир томон бўлса,
Дақиқа сўрайман ёрижон бўлсанг.
Иккимиз айлана бир томон бўлсак.
Йўқсил тонготарда ол карвон ўтса,
Ул карвон қушлари тахтравон тутса,
Илашсак бу бахтга, илкис мунг тутса,
Опичлаб олгали гўзал тун ўтса,
Йўқсил тонготарда ол карвон ўтса.
То Машҳар базмига етгунга қадар,
Мен шотут баргларин айлагум дафтар.
Ҳар ёзган шеъримни оҳ, гулисафсар,
Сенга ўқиб берса бийрона, агар
То машҳар базмига етгунга қадар.
Не имкон, бир томон юз томон бўлди,
Орзиқиб-орзиқиб кўз тамом бўлди,
Айролиқ гадодин шоҳжаҳон бўлди,
Путурлар ғазнамга ғазнабон бўлди,
Не имкон, бир томон юз томон бўлди.
Паришон-паришон қадам ташларман,
Бузилиб-бузилиб алам бошларман,
Узилиб-узилиб ситам бошларман,
Шу икки қўлимни тоштарош этдим,
Бус-бутун умримни мен адош этдим.
Паришон-паришон қадам ташларман.
Абдували Қутбиддин