Рет қаралды 23,934
11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этди.
Шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА), Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси, ушбу кўп томонлама тузилма Котибияти раҳбарлари қатнашди.
Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, давлат раҳбарлари сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзаро боғлиқликни кучайтириш, туризм, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ҳудудлар ўртасида фан ва таълим, технологиялар ва инновациялар борасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида тинчлик ва дўстлик рамзи, фан ва маърифат маркази бўлмиш Самарқанд шаҳрини “Туркий цивилизация пойтахти” деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани учун саммит иштирокчиларига миннатдорлик билдирди.
- Қадим туркий замин минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, дунё маданиятларини бойитиб келган. Биз Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз, - деди Ўзбекистон етакчиси.
Геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ортиб бораётган шароитда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон ўз раислиги даврида “Туркий дунё нигоҳи - 2040” концепцияси ҳамда бугун қабул қилинаётган Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегиясини самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган Ташкилот нуфузини янада мустаҳкамлаш, ва энг асосийси - тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш ниятида.
Ўзбекистон раҳбари Ташкилот фаолиятининг чуқур таҳлили асосида туркий мамлакатларнинг улкан салоҳияти ва имкониятларини ишга солишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосларини мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.