Рет қаралды 15,078
Наманган вилояти Чуст шаҳри деҳқон бозори ҳудудида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ тадбиркордан келган шикоят хати бўйича йўлга чиқдик. Ҳар ҳолда ҳолатни ўз кўзимиз билан кўриб ёзганимиз яхши-да.
Мунаввархон Мухторхонов: - Бозор ичида “Дон маҳсулотлари” павилонини ўз ичига олган 22 та расталик қурилишини тўлиқ харажатини ўз бўйнимизга олганмиз, яъни 2008-2009 йиллар ҳар биримиз 22 000 000 сўм, бугунги кунда эса 22 кишининг умумий харажати 2.354000 000 (икки миллиард уч юз эллик тўрт миллион) сўмлик бино қуриб 90 фоиз битказилган ҳолда иш бошладик. Шунча сарф-харажат қилганимизга қарамай бирон бир тадбиркорнинг қўлига эгалик ҳуқуқини берадиган расмий ҳужжат Чуст туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилмаган. Ўшанда ҳоким Баҳодир Юсупов бу павилон юз йилдаям бузилмайди, деб ишонтирганди. 2019 йил янги ҳоким Баҳодир Охунов томонидан январь ойида бизнинг шунча харажат қилиб қурган расталаримиз бир сўм тўловсиз бузиб ташланди. Биз тадбиркорлар ўзимизнинг шахсий маблағимиз ҳисобига янги қуриладиган жойга лойиҳа ҳужжатларини тайёрладик ва туман ҳокимига кўрсатдик. 2020 йил ноябрь ойида ҳамма ҳужжатларимиз тўлиқ ҳолда бўлганига қарамасдан қурилиш учун туман ҳокимлиги томонидан рухсат берилмади. Жорий йилнинг июль ойида Бибиона зиёратгоҳида Президент маслаҳатчиси томонидан қабул бўлиб, аризамизни қабул қилди ва ҳокимни чақиртириб, нима учун қурилишга рухсат берилмаётганини сўради. Туман ҳокими янги “ген план” қилишни баҳона қилиб, 1 августгача кутиб туришимизни айтди. Август ойи тугаб сентябрнинг яримида нима қиламиз, деб ҳокимнинг қабулига борсак янги андоза бўйича битта одамга тендер қилиб берилади ва сизларга ўша жойдан жой берилади, деди. Аммо орадан мана неча ойлар ўтдики, қурилиши бузилган жой эгасиз ва қаровсиз ётибди. Ҳар бир ҳоким келиб ўзича қарор чиқариб янги “геп план” қилаверадими? Биз ўзимизнинг маблағимизга ўзимиз учун жой қурмоқчимиз, бизга ҳеч кимнинг ёрдами керакмас, рухсат беришса бўлди.
Маҳмуда она: - 10 минг доллар тўлаганмиз ўша пайтлари. Осонми шунча пулни топиш. Бу маблағни топгунча бир одамнинг қанча вақти, қанча куч-қуввати кетган. Ҳозир жойи бузилган тадбиркорлар сарсон-саргардон. Шу ерни қайтадан қуриб битказсак йигирмадан ортиқ одам ишли бўларди. Ҳозир кам деганда ҳар бир оиладан битта бўлмаса иккита одам четда юрибди. Нимага? Ўзимизда шароитлар бўлиб нимага бизнинг болаларимиз четда юриши керак? Нега битта одам бу ерга эгалик қилиб фойдаланиши керак, бизга ўхшаганлар-чи? Болаларимиз бағримизда бўлсин, ер қуруқ ётибди-ку, невараларимиз ота-онасини кўрмаяпти. Аввал болаларимиз армияга кетса йиғлардик, энди эса ўзимиз болаларимизни узоқларга кузатишга мажбур бўлаяпмиз.
Xabar.uz 2021