Рет қаралды 14,147
Президент Шавкат Мирзиёев 21 июль куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Ернинг ҳисобини аниқ юритиш ва самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, қурилиш, геология каби кўплаб соҳалар учун жуда муҳим. Давлатимиз раҳбари ҳудудларга сафарлари чоғида доим бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир қарич ер халқимизга манфаат келтириши кераклигини таъкидлайди.
Афсуски, геодезия, картография ва кадастр соҳасида қатор муаммолар тўпланиб қолган. Мамлакатимизда ер хатлови охирги марта 40 йил олдин ўтказилган. Масалан, 140 та туман маъмурий чегаралари ҳозиргача аниқ эмас. Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби 20 йил олдин қабул қилинган ва ҳозирги ислоҳотлар талабига жавоб бермайди. Буларнинг оқибатида соҳада талон-торожлик ва коррупция авж олган. 66 та туманда 150 минг гектар экин ери ўзбошимчалик билан эгаллангани, охирги икки йилда 122 нафар кадастр ходими жиноий жавобгар бўлгани бунинг далили.
Шу боис тизимни ислоҳ қилиш бошланди. Бугунги йиғилишда шу борадаги муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев кадастр идораларининг энг асосий вазифаси ернинг ҳисоби ва балансини юритиш бўлиши кераклигини қайд этди. Йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Энди ер ажратиш тўғрисидаги қарор мазкур тизимга киритилсагина ҳақиқий ҳисобланади.